Европа Иттифоқининг Tempus ва Erasmus+ дастурлари доирасида амалга оширилган ва ҳозирда давом этаётган лойиҳалар юртимизда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга улкан ҳисса қўшиб келмоқда. Ҳақиқатда, йиллар давомида мазкур лойиҳалар доирасида Европа Иттифоқидаги (ЕИ) олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда таълим соҳасини такомиллаштириш ва модернизация қилиш бўйича кўплаб муҳим таклифлар ишлаб чиқилган.
Маълумки, ЕИ таълим дастури лойиҳаларида республиканинг кўплаб олий таълим муассасалари иштирок этиб келмоқда. Ўрнатилган барқарор ҳамкорлик ва алоқалар нуфузли Европа университетларининг филиалларини очиш, қўшма факультет ва дастурларни яратиш, фанларни инглиз тилида ўқитиш каби масалаларда ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Амалга оширилаётган Erasmus+ лойиҳалари ҳамкорлиги доирасида профессор-ўқитувчиларнинг малака ошириши, тажриба алмашиши, талабалар эса қисқа ва узоқ муддат давомида таҳсил олиш имкониятларидан унумли фойдаланиб келмоқда.Erasmus+ лойиҳалари орқали ESTC тизимини тадбиқ этиш ва ўқув жараёнини ташкил этишнинг кредит-модул тизимига босқичма-босқич ўтиш тажрибаси алоҳида аҳамиятга эга.
Сўнги йиллар мобайнида олий таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳаларини ислоҳ қилишга оид юртимизда бир қатор ишлар амалга оширилди. Олий таълимни ривожлантириш учун ўтган йили 18 та янги олий ўқув юрти, жумладан, 9 та нуфузли хорижий университетнинг филиаллари очилди. Дунёнинг 104 та етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Юртимизда халқаро олий таълим муассасаларини барпо этилиши давлат олий таълим муассасаларига кадрларни тайёрлашда янги рақобат муҳитини шакллантиради, бу ўз навбатида давлат олий таълим муассасаларини ривожлантириш бўйича янги вазифаларни белгилаб беради.
Олий таълим муассасаларига халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, олий таълимнинг илғор стандартларини жорий этиш, жумладан кредит-модул тизимини жорий этиш, таълим дастурлари ва талабалар билимини баҳолаш тизимини халқаро стандартларга мослаштириш, шунингдек, ўқув дастурларида назарий билим олишга йўналтирилган таълимдан амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим тизимига ўтиш бўйича вазифаларни амалга ошириш талаб этилади.
Erasmus+ дастури лойиҳалари, айнан долзарб бўлган масалаларни ҳал қилишда бизга ёрдам беради. Жумладан:
Ўқув жараёнини илм-фан ва ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш, инженерлик соҳаларини ривожлантириш масалалари долзарб бўлиб, уларни ҳал қилишда Erasmus+ дастуридаги лойихалар аҳамиятлидир. Европа Иттифоқи лойиҳаларида иштирок этаёган олий таълим муассасалари Erasmus+ тадбири давомида бериладиган фойдали маълумотларни ўзининг ўқув юртларида имкон қадар кенгроқ тарқатиши керак. Берилган маълумотлар асосида Европа Иттифоқи билан лойиҳаларимиз сони кўпаяди, жалб қилинган олий таълим муассасалари қатори кенгаяди.
Европа Иттифоқи томонидан 2021-2027 йилларда амалга оширилиши учун Erasmus+ дастурининг кейинги босқичи жорий этилиши, умид қиламанки, республикамиздаги ОТМлар лойиҳаларни шакллантиришда келгусида янада фаол иштирок этиб, юртимизда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз ҳиссасини қўшадилар. Ҳар бир лойиҳадан олий таълимни ривожлантириш учун долзарб бўлган масалаларни ҳал қилишда унумли равишда фойдаланиш мақсадга мувофиқ.